Тиббий таълимни ривожлантириш маркази абу али ибн сино номидаги бухоро давлат тиббиёт институти



страница1/4
Дата03.05.2016
Размер1.77 Mb.
  1   2   3   4


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

ВАЗИРЛИГИ

ТИББИЙ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ

АБУ АЛИ ИБН СИНО НОМИДАГИ БУХОРО ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ


БАЧАДОН БЎЙНИ ФОН ВА РАК ОЛДИ КАСАЛЛИКЛАРИ: ДИАГНОСТИКА ВА ДАВОЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ
Ўқув-услубий қўлланма

Бухоро – 2012

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ

ВАЗИРЛИГИ

ТИББИЙ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ

АБУ АЛИ ИБН СИНО НОМИДАГИ БУХОРО ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ



«Тасдиқлайман» «Келишилди»

ЎзР ССВ Фан ва ўқув юртлари ЎзР ССВ Тиббий таълимни бош бошқармаси бошлиғи ривожлантириш маркази

_________проф. Ш.Э. Атаханов директори в.в.б.

2012 й. «____»________________ __________Ҳ.А.Абдуллаева

____баённома 2012 й. «____»____________

____баённома


БАЧАДОН БЎЙНИ ФОН ВА РАК ОЛДИ КАСАЛЛИКЛАРИ: ДИАГНОСТИКА ВА ДАВОЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ИМКОНИЯТЛАРИ
Тиббиёт олий ўқув юртлари VI-VII курс талабалари учун

ўқув-услубий қўлланма



Бухоро – 2012

Муаллифлар:





РАХМАТУЛЛАЕВА М.М.

– т.ф.н., Бухоро тиббиёт институти VI-VII курс акушерлик ва гинекология кафедраси ўқитувчиси



ХАМДАМОВА М.Т.

– Бухоро тиббиёт институти VI-VII курс акушерлик ва гинекология кафедраси катта ўқитувчиси



Тақризчилар:





ДЖАББАРОВА Ю.Қ.

– т.ф.д., Тошкент тиббиёт академияси акушерлик ва гинекология кафедраси профессори


КАРИМОВА Н.Н.

– т.ф.н., Бухоро тиббиёт институти 1-сон акушерлик ва гинекология кафедраси катта ўқитувчиси

Ушбу услубий қўлланма олий таълим бакалавр босқичи ўқув режасига киритилган «Гинекология» фани бўйича нашрдан чиққан намунавий дастур асосида ишлаб чиқилган. Услубий қўлланма тиббиёт олий ўкув юртлари талабалари, акушерлик ва гинекология фани бўйича таҳсил олаётган клиник ординаторлар учун мўлжалланган. Услубий қўлланмадан акушер-гинекологлар ва умумий амалиёт шифокорлари ҳам фойдаланишлари мумкин.


Услубий қўлланма Бухоро Давлат тиббиёт институти МУК йиғилишида муҳокама қилинган (23 январь 2012 й., 4-сон баённома).

МУК раиси: т.ф.н. Олимов С.Ш.

Услубий қўлланма Бухоро Давлат тиббиёт институти Илмий Кенгаши йиғилишида тасдиқланган (30 январь 2012 й., 5-сон баённома).


Илмий котиб: ______________т.ф.н., доцент Ражабов А.Б.

БАЧАДОН БЎЙНИ КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ УЧРАШИ
Бачадон бўйни фон касалликлари гинекологик касалликлар структурасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, бачадон бўйнининг рак олди ва рак касалликлари ривожланиш хавфини келтириб чиқаради. Маълумки, ҳозирги вақтда жаҳонда бачадон бўйни рак касаллиги онкологик хасталиклар структурасида 5-ўринни, аёл жинсий аъзолари ёмон сифатли ўсмалари орасида 1-ўринни эгаллайди. Онкологик касалликлар натижасида аёллар ўлими сабаблари орасида бачадон бўйни рак касаллиги 2-ўринда туради [5].

Бутун жаҳонда ҳар 100 минг аёлдан 10-40 тасида бачадон бўйни онкологик хасталиги учрайди, касаллик кечикиб аниқланганлиги туфайли дастлабки йилда шу беморларнинг 50% ида ўлим ҳолати қайд этилади [5, 6]. ЖССТ маълумотларига кўра, бачадон бўйни рак касаллиги ривожланмаган давлатларда кўпроқ учрайди. Европа давлатлари мисолида олиб қаралганда, Шарқий Европа мамлакатларида Ғарбий Европа давлатларига нисбатан бачадон бўйни рак касаллиги билан касалланиш (30897 ва 12744 мос ҳолда), шу сабабли ўлим ҳолатлари (17198 ва 5671 мос ҳолда) ва одам папилломавируси билан зарарланиш (29,1 ва 6,1% мос ҳолда) кўпроқ қайд қилинган. Республика онкология илмий-амалий маркази маълумотларига (2009) кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аёлнинг 8,6 тасида (Тошкентда-12,4) бачадон бўйни раки учраб, 60-70% ҳолларда касаллик 3-4 босқичларда аниқланади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, бачадон бўйни раки билан касалланиш 45-55 ёшдаги аёллар орасида авж олган бўлишига қарамасдан, сўнгги йилларда 30 ёшгача бўлган аёллар орасида ҳам бу касаллик кўп учрамоқда [6].

«Фон жараёнлари» деган термин алоҳида касалликни изоҳламайди, балки шунинг фонида бачадон бўйни раки ва дисплазияси ривожланиш эҳтимоли бўлган, этиологик ва морфологик манзараси ҳар хил касалликларни ўз ичига олади. Фон ва рак олди касалликларини ўз вақтида аниқлаш ва рационал даволаш профилактик онкологик тадбирлар тизимининг муҳим қисми ҳисобланади.

Бачадон бўйни фон ва рак олди касалликларининг учраш фоизи юқори бўлиб, касаллик кўпинча ёш аёлларда учрайди ва уларнинг репродуктив соғлигига салбий таъсир этиб, ҳаёт сифатини пасайтиради. Бачадон бўйни фон ва рак олди касалликларининг учраш фоизи текширилаётган аёллар гуруҳи, уларнинг ёши, касбий зарарли омилларнинг мавжудлиги, шахсий ва жинсий гигиена хусусиятларига боғлиқ бўлади. Кўпчилик муаллифларнинг фикрича, фон касалликлари 38,5% аёлларда учрайди.

Гинекологик касалликлар билан касалланган аёлларда бачадон бўйни фон ва рак олди касалликлари ҳам кўп учрайди. Мисол учун, биз Бухоро вилояти даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилган аёлларнинг амбулатор карталарини ретроспектив таҳлил қилганимизда, шуни аниқладикки, бактериал вагиноз билан касалланган аёлларнинг 24,4% ида бачадон бўйни фон касалликлари (эктопия-14,6%, эндоцервицит-9,8%) учрар экан.

Рак олди жараёни, кейинчалик эса бачадон бўйни рак касаллиги ҳам кўп қаватли ясси эпителийнинг фон (яхши сифатли) жараёнлари асосида юзага келиши исботланган. ЖССТ маълумотларига кўра, дисплазиянинг рак in situ (преинвазив ҳолат) га ўтиши учун 3-8 йил вақт керак, ундан сўнг 10-15 йил давомида микроинвазив рак юзага келади. Бачадон бўйни фон ва рак олди касал ликларини эрта аниқлашнинг долзарблиги шубҳасиздир, чунки бачадон бўйнини ҳар томонлама тўлиқ текшириш имкони мавжуд, бачадон бўйни рак касаллиги эса 1968 йилда ЖССТ экспертлари ишлаб чиққан скрининг талабларини қониқтирадиган ягона ёмон сифатли ўсма ҳисобланади. Шунинг учун, фон ва рак олди касалликларини эрта диагностика қилиш ва адекват даволаш бачадон бўйни рак касаллиги билан касалланишни камайтиришга қаратилган муҳим чора саналади.


БАЧАДОН БЎЙНИ ТУЗИЛИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ
Бачадон бўйнининг морфофункционал хусусиятлари бачадон бўйни касалликлари юзага келишида муҳим ўрин эгаллайди.

Бачадон ва бачадон бўйни ҳомила тараққиётининг 12-16 ҳафталарида мюллер каналлариниг қўшилишидан ҳосил бўлади. Қин гумбазлари бириккан жойда бачадон бўйни 2 қисмга: қин усти ва қин қисмларига бўлинади. Репродуктив ёшда бачадон бўйни цилиндрик шаклда, қиз болалар ва инфантил аёлларда конуссимон шаклда бўлади. Қин тирқишининг узунлиги 2-3 см, деворининг қалинлиги 1-1,2 см га тенг. Бачадон бўйни канали урчуқсимон шаклда бўлиб, узунлиги 4 см га тенг. Ташқи бўғиз айлана ёки кўндаланг тирқиш кўринишида бўлади.

Мушак тўқимаси асосан бачадон бўйнининг юқори 1/3 қисмида бўлиб, коллаген толалар аралашган циркуляр йўналишдаги мушак толаларидан иборат ва унинг функционал фаолияти симпатик ва парасимпатик нерв системаси орқали бошқарилади. Мушак тўқимаси овуляция бўлмаган пайтда ва ҳомиладорлик даврида бачадон бўйнини беркитиб турувчи вазифани бажаради, туғруқ вақтида эса туғруқ каналининг пастки қисмини ҳосил қилади. Строма бир-бирига ўралашиб кетувчи эластик, коллаген толалар ўрамидан иборат бўлиб, қон ва лимфа томирларини сақлайди.

Цервикал канал шиллиқ қавати эндоцервикс деб юритилиб, бир қаватли цилиндрик эпителийдан иборат. Бачадон бўйни қин қисмини қопловчи шиллиқ қават эса кўп қаватли ясси эпителийдан иборат ва экзоцервикс деб юритилади. Кўп қаватли ясси эпителийнинг қалинлиги 150-200 мкм бўлиб, ҳужайралар катталиги, шакли, ядроси, ядро-цитоплазма нисбати ва функционал хусусиятларига қараб фарқланади. Базал, парабазал, оралиқ ва юза қаватлар тафовут қилинади. Кўп қаватли ясси эпителий юза қаватларининг тўхтовсиз кўчиши оқибатида янгиланиб туради (янгиланиш цикли-4 кун).

Кўп қаватли ясси эпителийнинг базал қавати уни стромадан ажратиб турувчи базал мембранада жойлашган. У бир қатор хроматинга бой, йирик базофил ядроли кичик ҳужайралардан иборат. Цитоплазмасида гликоген йўқ, мембранасида эстрогенлар ва гестаген концентрациясига таъсирчан специфик оқсил рецепторлари мавжуд.

Парабазал қават 2-3 қатор йирик ядроли, базофил цитоплазмали, гликоген сақламаган йирик ҳужайралардан иборат бўлиб, бу ҳужайраларнинг митотик бўлиниши ҳисобига кўп қаватли ясси эпителийнинг ўсиши ва регенерацияси таъминланади.

Оралиқ қават 6-12 қатор йирик полигонал ҳужайралардан иборат бўлиб, ядроси майда ва донадор хроматинли, цитоплазмасида эса гликоген ва кератин сақлаган.

Юза қават 12-18 қатор пикнозга учраган, хроматинсиз майда ядроли ҳужайралардан иборат бўлиб, цитоплазмасида гликоген ва кератин сақлайди. Оралиқ ҳужайраларнинг қаторлар сони ва уларда гликоген тўпланиши эстрогенлар миқдорига боғлиқ бўлиб, репродуктив даврда яққолроқ ифодаланган, гипоэстрогения ҳолатида (препубертат ва постменопауза даврларида) эса кучсиз ифодаланган бўлади. Постменопауза даврида қин ва бачадон бўйни кўп қаватли ясси эпителий қавати фақат базал ва парабазал ҳужайралардан иборат бўлади. Бачадон бўйни қин қисмининг кўп қаватли ясси эпителийси мугузланмайди.

Цервикал канал нормада базал мембранада ётган бир қаватли цилиндрик эпителий билан қопланган. Ундаги бипотент резерв ҳужайралар ҳисобига цилиндрик ва ясси эпителий ҳужайралари доимий янгиланиб туради. Цервикал канал ва экзоцервиксда найсимон безлар бўлмайди. Цилиндрик эпителийнинг сохта без ёки крипта ҳужайралари шиллиқ ажратади, шунинг учун кўрув пайтида цилиндрик канал нам кўринишда бўлади. Кўп қаватли ясси эпителий экзоцервикснинг цилиндрик эндоцервиксга ўтиш жойи муҳим аҳамиятга эга, чунки кўпинча шу жойда ҳужайраларнинг атипик трансформацияси юзага келади. Туғиш ёшидаги соғлом аёлларда кўп қаватли ясси ва цилиндрик эпителий чегараси аслида ташқи бачадон бўғзи соҳасида жойлашади. Қиз болалар ва туғмаган аёлларда бу чегара бачадон бўйнининг қин қисмида жойлашиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида ҳам худди шундай манзара кузатилади. Ёш ўтган сари 2 хил эпителийнинг туташган жойи цервикал канал томон силжийди ва кўз билан кўриб бўлмайди.
БАЧАДОН БЎЙНИ КАСАЛЛИКЛАРИ ТАСНИФИ
Охирги йиллар мобайнида бачадон бўйни патологияси ва гистофизиологияси бўйича кўплаб маълумотлар йиғилган. Бачадон бўйни патологик жараёнларининг бир нечта морфологик таснифи мавжуд.

1979 йилда ЖССТ бачадон бўйни патологик жараёнларининг морфологик таснифини тасдиқлаган, унга асосан:

1. Фон ҳолатлари

2. Рак олди ҳолатлари (дисплазия)

3. Преинвазив рак

4. Инвазив рак фарқ қилинади.

ЖССТ Халқаро касалликлар таснифига асосан бачадон бўйни яхши сифатли касалликларининг қуйидаги гуруҳлари фарқланади:


  • яллиғланиш касалликлари (цервицит, эндоцервицит, экзоцервицит эрозия, эктропион билан биргаликда ёки уларсиз);

  • яллиғланишсиз касалликлар (эндометриоз, полиплар, лейкоплакия, йиртилишлар, стриктуралар ва б.);

  • рак олди касалликлар (дисплазиялар).

Ҳозирги пайтда чет эл адабиётларида бачадон бўйни рак олди касаллигини ифодаловчи «дисплазия» термини ўрнига «цервикал интраэпителиал неоплазия» (cervical intraepithelial neoplasia – CIN) термини қўлланилади. I даражали CIN кучсиз ифодаланган дисплазияга, II даражали CIN ўртача ифодаланган, III даражали CIN кескин ифодаланган дисплазияга ёки преинвазив карциномага мос келади.

Бачадон бўйни касалликларини цитологлар ва клиницистлар орасида тўғри талқин қилиш мақсадида АҚШ Рак касалликлари Миллий институти томонидан «Bethesda system» (1989, 1991, 2001 йй.). деб аталувчи тасниф таклиф этилди. Бу таснифга биноан, дисплазия ва преинвазив карциномага хос ўзгаришлар енгил ва оғир даражали «ясси хужайрали интраэпителиал зарарланишлар» (squamous intraepithelial lesions - SIL) номини олган.


БАЧАДОН БЎЙНИ ФОН ВА РАК ОЛДИ КАСАЛЛИКЛАРИ ЭТИОПАТОГЕНЕЗИ


Бачадон бўйни рак ва рак олди касалликларининг юзага келиш сабаблари ва патогенези борасида кўп изланишлар олиб борилганига қарамасдан, ҳалигача уларнинг баъзи томонларини ўрганиш давом этяпти. Ҳозирги пайтда бачадон бўйни патологияси юзага келишига таъсир этувчи ташқи ва ички муҳит омилларининг ўрни аниқ ўрганилган. Эрта менархе, жинсий ҳаётнинг эрта бошланиши, пала-партиш жинсий ҳаёт, жинсий ҳамкорларни тез-тез алмаштириш, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, бачадон бўйнининг туғруқ ёки абортдан кейинги травмалари оқибатлари, кичик чаноқ аъзолари яллиғланиш жараёнлари, гормонал гомеостазнинг бузилиши, иммун статуснинг ҳолати, тамаки чекиш, ишлаб чиқаришнинг зарарли омиллари бачадон бўйни раки ривожланишига хавф омиллари ҳисобланади.

Охирги йиллар адабиётларида кўрсатилишича, цервикал канцерогенезнинг асосий экзоген омили сифатида одам папилломавируси тан олинган. Деярли 100% холларда одам папилломавируси бачадон бўйни раки юзага келиш сабабчиси саналади. Ҳозирги вақтда одам папилломавирусининг 100 хил серотипи маълум бўлиб, уларнинг 80 хили тўлиқ ўрганиб чиқилган, 34 хили аногенитал соҳани зарарлаши аниқланган. Одам папилломавируси серотиплари канцерогенлик хусусияти, яъни бачадон бўйни эпителийсида диспластик ўзгаришлар ва рак келтириб чиқариш хусусиятига қараб, шартли равишда юқори ва қуйи хавф гуруҳларига бўлинади. Қуйи хавф гуруҳига мансуб одам папилломавируси турлари (6, 11, 42, 43, 44) экзофит кондиломалар, респиратор папилломатоз, сурункали цервицит ва гениталийнинг субклиник кечувчи инфекцияларини келтириб чикаради ва кўпинча енгил ҳамда ўрта даражали дисплазияга учраган тўқималарда топилади. Юқори хавф гуруҳидаги одам папилломавируси серотиплари (16, 18, 31, 33, 35, 39, 45, 50, 51, 53, 55, 56, 58, 59, 64, 68) ўрта ва оғир даражадаги дисплазия ва карциномаларга сабаб бўлиб, 70% ҳолларда 16- ва 18-серотиплар, 30% ҳолларда қолган серотиплар аниқланади. Цервикал интраэпителиал неоплазия аниқланган барча ҳолатларнинг 1/4 ида қуйи хавф гуруҳига мансуб одам папилломавируси турлари, 3/4 ҳолатларда юқори хавф гуруҳидаги одам папилломавируси серотиплари аниқланган.

Кўпчилик аёллар ҳаёти давомида папилломавирус инфекцияси билан зарарланади. Мисол учун, дастлабки жинсий алоқадан 2 йил кейин 82% аёллар инфицирланган ҳисобланади.

Одам папилломавируси жинсий алоқа пайтида юзага келган микротравмалар орқали эпителийнинг базал қаватига кириб боради (1-расм).

Вирус ДНКси оқсил қобиғини ташлаб, ҳужайра ичига киради ва ядрога қўшилади. Базал қаватда бир неча нусхада бўлган вирус ДНКси топилмаслиги мумкин (латент давр). Вақт ўтиши билан вирус ўз-ўзидан элиминацияланиши мумкин, лекин кўпинча унинг персистенцияси кузатилади. Вирус кўпайгандан сўнг касалликнинг субклиник ва клиник босқичлари кузатилади. Папилломавирус таъсирида юза қават эпителий ҳужайралари койлоцитозга учрайди, яъни уларнинг ядроси нотўғри шаклни олиб, вирионлар тўпланиши ҳисобига гиперхром бўялади, цитоплазмаларида вакуоллар тўпланади.Зарарланган ҳужайраларда вирус геноми 2 хил: эписомал (хромосомадан ташқари) ва ҳужайра геноми билан қўшилган (интеграциялашган) кўринишларда бўлиши мумкин. Яхши сифатли жараёнларда вирус геноми эписомал шаклда, карциномаларда эса рак ҳужайрасининг геномига қўшилган ҳолатда бўлади. Эписомал фазада вирус репликацияси ва вирионнинг шаклланиши амалга ошади. Бу фаза гистологик жиҳатдан енгил даражали цервикал интраэпителиал неоплазия (CIN I) га мос келади. Неоплазия атипик ўзгаришга учраган ҳужайраларининг интенсив кўпайиши ва бу патологик жараёнга эпителий юза қават ҳужайраларининг қўшилмаслиги билан характерланади. Ҳужайралар атипияси ва эпителиал қаватнинг шикастланиши чуқурлиги бўйича дисплазиянинг 3 даражаси фақланади. Агар эпителий структурасининг бузилиши, ҳужайраларнинг полиморфизми, митозларнинг кўпайиши ва ядролар дискариози эпителиал қопламнинг пастки 1/3 қисмида кузатилса, енгил даражали дисплазия, пастки ва ўрта қисмларида аниқланса, ўрта даражали дисплазия ва ўзгаришлар бутун қопламни қамраб олган бўлса, оғир даражали дисплазия дейилади ва бу CIN I, II, III га мос келади.

Оғир даражали дисплазия ва преинвазив рак орасидаги фарқ бу патологик жараёнга эпителий юза қаватининг жалб қилиниши ҳисобланади. CIN III тушунчасига бир вақтнинг ўзида ҳам оғир даражали дисплазия, ҳам преинвазив карцинома терминлари бирлаштирилган, чунки бу жараёнлар ультраструктур ва цитогенетик хусусиятлари, ҳамда даволаш йўналиши жиҳатдан ўхшаш ҳисобланади. Ҳозирги вақтда CIN I паст хавф даражасидаги ясси ҳужайрали интраэпителиал зарарланишлар (LSIL), CIN II ва III юқори хавф даражасидаги ясси ҳужайрали интраэпителиал зарарланишлар (HSIL) деб ҳам номланади.

Кўп ҳолларда жараён 10 йилдан 40 йилгача давом этади, баъзи ҳолларда 1-2 йилгина давом этиши мумкин.

Папилломавирус инфекцияси ва орттирилган иммунтанқислик вирусининг қўшилиб келиши малигнизация хавфини оширади. Бундан ташқари, оддий герпес вируси, хламидия ва цитомегаловирус инфекцияларининг қўшилиши неоплазия юзага келишини тезлаштиради.

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, бачадон бўйни эпителийси малигнизацияси юзага келиши учун папилломавирус инфекцияси юқишининг ўзи етарли бўлмай, бошқа омиллар хам муҳим ўринга эга.

Канцерогенез жараёни юзага келишида эндоген омил саналган иммун системанинг ҳолати, хусусан, ҳужайра иммунитети муҳим ўринга эга. Охирги йилларда ўтказилган тадқиқотларга биноан иммунодефицит ҳар қандай вирусли инфекциянинг шартли таркибий қисми ҳисобланади. Папилломавирус инфекциясига чалинган беморлар қонида лимфоцитлар миқдорининг камайганлиги, иммунорегулятор индекснинг пасайганлиги, лейкоцитларнинг интерферон ишлаб чиқариш қобилиятининг сўниши, маҳаллий гуморал омилларнинг ўзгариши қайд қилинди. Т-ҳужайралар миқдорининг камайиши маҳаллий иммунитет тизимида нуқсон борлигини тахмин қилишга асос ҳисобланади. Папилломавирус инфекцияли беморларда маҳаллий иммунитетнинг кескин пасайиб кетиши цервикал шиллиқда IgA ва IgG миқдорининг пасайиши ва IgM концентрациясининг ошиши билан намоён бўлади. Маҳаллий иммун тизимдаги бузилишлар туфайли бачадон бўйни папилломавирус инфекцияси даволангандан сўнг қайталаниш даражаси юқори бўлади [10].

Ҳозирги пайтда илмий адабиётларда бачадон бўйни рак олди касалликлари ривожланишида гормонал омилларнинг ахамияти кенг мухокама қилиняпти. 1947 йилда онкоморфолог М.Ф. Глазунов бачадон бўйни эктопияси дисгормонал этиологияга эга эканлигини кўрсатиб ўтган. XX асрнинг 50-йилларида Н. Burrows ва Е. Horing эстрогенларнинг (шу жумладан, физиологик концентрацияларда) ўсмага таъсири митогенез жараёнини кучайтириб юбориши билан боғлиқ деб тахмин қилишган. Ўтган асрнинг 90-йилларида бачадон бўйни лейкоплакияси юзага келишида абсолют ва нисбий гиперэстрогениянинг аҳамиятини тасдиқлайдиган тадқиқотларнинг натижалари эълон қилинган. Гиперэстрогения натижасида бачадон бўйни дисплазиясининг авж олиши қайд қилинган [3]. Бундан ташқари узоқ муддатли гиперэстрогенемия ҳолатида эстроген рецепторлар сифат жиҳатдан ҳам ўзгариб, эстрогенларга сезувчанлиги ошади [11].

2004 йилда И.И. Фролова ва И.И. Бабиченко томонидан гиперэстрогениянинг клиник белгилари эктоцервикснинг дисплазияга хос морфологик ўзгаришлари билан қўшилиб келиши аниқланган [11]. Муаллифлар бачадон бўйни дискератозлари ривожланиш хавф гуруҳига гиперэстрогения билан характерланадиган гинекологик касалликлари (бачадон миомаси, эндометриоз, эндометрийнинг гиперпластик жараёнлари) бор беморларни киритишнинг зарурлиги тўғрисида хулосага келишган. Бу тадқиқотда бачадон бўйни лейкоплакияси ва дисплазиясида ҳужайраларнинг эстрогенларга рецепторлари миқдорининг кескин ошганлиги ва ҳужайра ядроларида эстрогенлар экспрессиясининг ортганлиги қайд қилинган.

Папилломавирус инфекцияси фаоллашувида гормонал дисбаланс муҳим ўрин эгаллайди. Одам папилломавирусининг кўпайиши инфекцияланган ҳужайраларда эстрадиолнинг канцерогенлик хусусиятига эга агрессив метаболитлари ҳосил бўлишини тезлаштиради, натижада вирус сақловчи ҳужайралар рак ҳужайраларига айланиши учун қўшимча шароит яратилади. Эстрадиолнинг агрессив метаболитлари таъсирида патологик пролиферация жараёнларини бошқаришда иштирок этадиган ва иммун ҳимоя механизмларини тўсувчи «онкооқсиллар» ҳосил бўлади. Гиперэстрогения ҳужайраларнинг интенсив бўлинишига, ҳамда папилломавирус ва эстрогенларнинг биргаликдаги генотоксик таъсири кучайишига олиб келади. Бу жараёнлар патологик жараённинг дастлабки клиник кўринишлари намоён бўлишидан анча илгари (3-5 йил ва ундан кўпроқ) бошланади. Гиперэстрогения папилломавирус инфекциясининг латент шаклдан фаол шаклга ўтишига олиб келувчи механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шундай қилиб, цервикал канцерогенезнинг асосий экзоген омил одам папилломавируси ҳисобланиб, бачадон бўйнининг рак олди, кейинчалик эса рак касаллиги юзага келишида иммун системанинг ҳолати ва гормонал гомеостаз етакчи ўринларни эгаллайди.
БАЧАДОН БЎЙНИ ПАТОЛОГИЯСИ ТУРЛАРИ
Эктопия – тўқиманинг ўзига хос бўлмаган жойда жойлашиши. Эктопия (эрозия) бачадон бўйни қин қисмидаги патологик жараён бўлиб, бошланғич босқичда кўп қаватли ясси эпителийнинг дистрофияси ва десквамацияси, кейинроқ эса эрозияланган юзада цилиндрик эпителийнинг ривожланиши билан характерланади.

Эктопиянинг қуйидаги турлари фарқланади: туғма эрозия, чин эрозия, псевдоэрозия.

Она қорнида ва эрта постнатал даврда экзоцервикснинг кўп қаватли ясси эпителийси ва эндоцервикснинг цилиндрик эпителийси орасида чегара аниқ намоён бўлади, чунки цилиндрик эпителий ташқи бўғиз чегарасидан кўриниб туради. Вақт ўтиши билан бу икки эпителий орасидаги чегара кўринмасдан кетади, аммо цилиндрик эпителийнинг экзоцервиксдаги чегараси репродуктив ёшгача ҳам сақланиши мумкин. Бу ҳолат туғма эрозия дейилади, даволанишни талаб этмайди ҳамда малигнизация хавфини туғдирмайди.

Бачадон бўйнининг чин эрозияси – бачадон бўйни қин қисмининг кўп қаватли ясси эпителий қаватининг шикастланиши ва десквамацияси билан характерланадиган орттирилган патологик жараён ҳисобланиб, яллиғланиш белгиларига эга ярали юза (эпителий нуқсони) кўринишида бўлади. Чин эрозия одатда бачадон бўйни орқа лабида ёки ташқи бўғзи атрофида жойлашган, оч-қизил рангда нотўғри айлана шаклида бўлади ва тегилганда қонайди. Баъзида эрозия юзаси цервикал каналдан келувчи шиллиқ-йирингли ажралмалар билан қопланган бўлади. Бу ажралмалар эндоцервицит туфайли ҳосил бўлади, эндоцервицитнинг ўзи эса чин эрозияларга олиб келувчи асосий сабаблардан бири саналади.

Чин эрозия 1-2 ҳафтадан ортиқ давом этмайди, чунки унинг асосида псевдоэрозия шаклланади. Кўп қаватли ясси эпителийнинг нуқсони цервикал канал шиллиқ қаватидан ярали юзага томон силжувчи цилиндрик эпителий билан қопланади (2-расм, а). Цилиндрик эпителий юқори регенератив хусусиятга эга бўлиб, бачадон бўйни тўқимаси ичкарисига кириб боради ва тармоқланган йўллар ҳосил қилади, улар эса кўп қаватли ясси эпителий билан қопланиб, ретенцион кисталар (набот кисталари) ни ҳосил қилади.

Гистологик жиҳатдан псевдоэрозияларнинг қуйидаги турлари фарқланади:



  • фолликуляр (безли) – без йўлларининг кескин ривожланиши билан характерланади.

  • папилляр – цилиндрик эпителий билан қопланган папилляр ўсишмалар билан фарқланади.

  • ясси хужайрали метаплазияга учраган эрозия.

Метаплазия – резерв ҳужайраларнинг ясси эпителийга айланиш жараёнидир. Псевдоэрозия битиши жараёнида кўп қаватли ясси эпителий эрозион безларнинг остига ўсиб кириб, уларнинг кўчиб тушиши ва нормал эпителиал қопламнинг тўлиқ регенерациясига олиб келади. Ясси ҳужайрали метаплазияда резерв ҳужайралардан ҳосил бўлаётган ясси эпителий цилиндрик эпителийни устидан қоплаб олади. Натижада эпителийнинг базал ва парабазал қавати ҳужайраларида юқори пролифератив активлик, яъни базал ҳужайрали гиперактивлик билан намоён бўладиган патологик ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Базал ҳужайрали гиперактивлик баъзида ҳужайралар атипияси билан асоратланади, бу эса дисплазиядан алолат беради. Шунинг учун ясси ҳужайрали метаплазияга учраган эрозия рак олди касаллиги саналади.

Каталог: uploads -> books -> 3602
books -> Ю. Ю. Елисеев. Психосоматические заболевания
books -> Randy Gage. Why You're dumb, sick & broke and How to Get smart, healthy & rich! Благодарности глава 1 «Вирусы разума»
books -> Оценка эффективности клексана в комплексном лечении больных нейросенсорной тугоухостью
books -> Лекция " повреждения черепа и позвоночника " Для студентов IV курса лечебного
books -> Лекция №1 Дифференциальная диагностика заболеваний, протекающих с желтушным синдромом Ташкент 2006
books -> Вера Склярова Правдивые сны. Толкование снов от Ванги, Фрейда, Нострадамуса


Поделитесь с Вашими друзьями:
  1   2   3   4


База данных защищена авторским правом ©zodorov.ru 2017
обратиться к администрации

    Главная страница